Белгород вилоятида ўтказилган аксилтеррор операцияси давомида диверсантлар тузилмалари қуршаб олиниб, тор-мор этилди, дея хабар берди Россия Мудофаа вазирлиги. Вазирлик маълумотларига кўра, 70 дан ортиқ киши ҳалок бўлган.
РФнинг Белгород вилоятига украиналик диверсантлар кириб келгани маълум қилинди. «Россия Озодлиги» легиони ва Россия кўнгиллилар корпуси аҳоли пунктларини эгаллагани айтилмоқда. Украин разведкаси эса украиналикларни ҳимоя қилиш учун «хавфсиз зона» яратиш бўйича операция олиб борилаётганини билдирди.
Пайшанбага ўтар кечаси Россия Украина ҳудудига 81 та ракета билан ҳужум қилди. Львов вилоятида снаряд турар-жой биноларига тушиб, беш киши, Днепропетровск вилоятида бир киши ҳалок бўлди. Россия Мудофаа вазирлиги бу «Брянск вилоятидаги террорчилик ҳаракатлари учун катта жавоб зарбаси» эканини айтди.
АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Хитойни Украина-Россия можаросида иккала томонда ҳам ўйнаш ва Россияга ҳарбий ёрдам кўрсатишни кўриб чиқаётганликда айблаганди. Хитой ТИВ расмийси Мао Нин АҚШнинг ўзи урушни ҳалокатли қуроллар билан таъминлаб, фактларни бузиб кўрсатаётганини билдирди.
Украинанинг Днепропетровск вилоятида поезд ва Чаплино вокзалига уюштирилган ракета ҳужуми оқибатида 25 киши, жумладан, икки бола ҳалок бўлди. Россия Мудофаа вазирлигининг маълум қилишича, «Искандер» ракетаси 200 дан ортиқ ҳарбий хизматчи бўлган ҳарбий эшелонни йўқ қилган.
Украинада уруш бошланганининг 100-кунида қарийб 16 млн киши гуманитар ёрдамга муҳтож ва уларнинг сони муттасил ортиб бормоқда. Халқаро суд Инсониятга қарши жиноятларнинг олдини олиш тўғрисидаги конвенцияни ишлаб чиқишга чақирди.
БМТ бош котиби Украина президенти билан учрашувда БМТ Хавфсизлик кенгаши Украинадаги урушнинг олдини олиш ёки тўхтата олмаганини катта умидсизлик деб атади. Антониу Гутерриш Россиянинг бостириб кириши Украина ҳудудий яхлитлиги ва БМТ Низомини бузиш эканини яна бир бор таъкидлади. БМТ раҳбари Киевда бўлган вақтида шаҳарга иккита ракета ҳужуми уюштирилди.
БМТ бош котиби Антониу Гутерриш Москвада Россия президенти ва ташқи ишлар вазири билан музокаралар ўтказди. Учрашувлар якунига кўра, БМТ Россиянинг Мариуполдан тинч аҳолини эвакуация қилишда БМТ ва Қизил Хоч ташкилотининг иштирокига «принципиал» розилигини билдирди. Пайшанба куни Гутерриш Киевда Украина президенти билан учрашади.
Украинанинг Краматорск темир йўл вокзалига тинч аҳоли вакиллари эвакуация қилинишини кутаётган вақтда ракета ҳужуми уюштирилди. 30 киши ҳалок бўлди, 100 га яқин одам яраланди. ДХР зарбани Украина хавфсизлик кучлари амалга оширганини айтмоқда.
Чоршанба куни Украинадан яна 146 нафар ўзбекистонлик, шу жумладан, 42 нафар аёл, 12 нафар вояга етгаман бола ва 2 нафар чақалоқ Польша орқали олиб келинди. Эвакуация бошланган кундан то ҳозирга қадар 27 та авиарейс ёрдамида жами 6030 нафар фуқаро ватанга қайтарилди.
Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Сенатдаги чиқишида Ўзбекистон Украинадаги вазиятга тинч йўл билан ечим топиш ва можарони сиёсий дипломатик воситалар ёрдамида ҳал қилиш тарафдори эканини таъкидлади. «Ўзбекистон Республикаси Украинанинг мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини тан олади. Биз Луганск ва Донецк халқ республикаларини тан олмадик», — деди у.
Киевга Польша, Чехия ва Словения бош вазирлари ташриф буюришди. «Аминманки, шундай дўстлар, мамлакатлар ва қўшнилар ҳамда шериклар билан биз ҳақиқатан ҳам ғалаба қозона оламиз», — деди Украина президенти.
Россиянинг «Первый канал» телеканали муҳаррири Марина Овсянникова «Время» дастури жонли эфири вақтида Украинадаги урушни тўхтатиш ва пропагандага ишонмасликни сўраб чиқди. Мазкур ҳолатга ўзбек жамоатчилиги вакиллари ҳам муносабат билдирди. Журналист Муҳрим Аъзамхўжаев «қўрқувни қандай қилиб енгди экан?» дея савол билан юзланган бўлса, Davletovuz «ҳақиқат учун курашувчи ҳамма жойда топилади», дея таъкидлади.
Тадбиркор Зафар Ҳошимовнинг таъкидлашича, Россия-Украина ўртасидаги можаро натижасида логистика, банк иши, хизмат кўрсатиш соҳасидаги муаммолар ва рубль курси қадрсизланиши Ўзбекистон иқтисодиёти ва меҳнат муҳожирларига ўз таъсирини ўтказади. Бироқ, тадбиркор бу ҳолат Ўзбекистонда туризм ва авиацияни ривожлантириш, юқори малакали кадрларни жалб қилиш каби имкониятларни ҳам тақдим этиши мумкинлигини таъкидлади. Зафар Ҳошимов бундай шароитда Ўзбекистон нималар қилиши кераклиги ҳақидаги мулоҳазалари билан бўлишди.
Лондоннинг ICE биржасида апрель ойи учун минг кубометр газнинг фючерс нархлари 3950 долларгача кўтарилди. Бир соат ичида нархлар 1000 долларга пастлади ва айни пайтда 2900 доллар атрофида бўлиб турибди.
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари бошқармасининг маълумотларига кўра, Россиянинг Украинага ҳарбий ҳужуми бошланганидан бери 364 нафар тинч аҳоли, шу жумладан 25 нафар боланинг ҳалок бўлгани тасдиқланди. Сўнгги кунларда Харьков, Винница ва Николаев шаҳарлари ҳужум оқибатида зарар кўрди.
Украина-Польша чегарасидаги «Карчова» назорат-ўтказиш пункти яқинидаги тўпланиш нуқтасига Польша президенти Анжей Дуда ташриф буюрди. У Ўзбекистон дипломатлари ва фуқаролари билан суҳбатлашиб, уларни қўллаб-қувватлашини айтиб ўтди.
3−4 март кунлари Польшадаги Катовице аэропорти орқали 720 нафар Ўзбекистон фуқароси эвакуация қилинди. Шундай қилиб, Украинадан ватанга қайтарилганлар сони 2579 нафарга етди. Яна 1500 нафарга яқин ўзбекитонликлар Польшада қолмоқда. «Ишонтириб айтамизки, барча фуқаролар мамлакатимизга қайтарилади», — дейилади ТИВ хабарида.
Музокараларнинг иккинчи раунди натижасида Украина ва Россия тинч аҳолини эвакуация қилиш ва жанговар майдонларга дори-дармонларни етказиб бериш учун гуманитар йўлакларни ташкил этишга, шунингдек, «гуманитар коридор секторида эҳтимолий вақтинчалик ўт очишни тўхтатишга» келишиб олди.
БМТ маълумотларига кўра, Украинадаги жанговар ҳаракатлардан жабр кўрган ва уй-жойини тарк этган 6 миллиондан ортиқ одамнинг гуманитар эҳтиёжлари учун келаси уч ой ичида 1,1 млрд доллар керак бўлади. «Аммо энг самарали инсонпарварлик ёрдами қуролларнинг овозини ўчиришдир», деди бош котиб Антонио Гутерриш. Халқаро валюта жамғармаси ва Жаҳон банки Украинага ёрдам пакетларини тайёрлаётганларини билдирди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг